Американинг ҳафталик Time журнали ҳар йил якуни бўйича кино, санъат, шоулар, китоб каби соҳаларда энг муваффақиятли ва муваффақиятсиз кишилар номинацияларини эълон қилиб келади, деб хабар беради «Кун» нашр сайтидаги ахборотга таяниб.
Шунингдек, нашрда «Йил одами» йўналишида ҳам турли ижтимоий ва сиёсий соҳа вакиллари номи эълон қилинади. Бу йил мазкур йўналишда «Йил одами» деб Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди эълон қилинди.
Натижаларга кўра, Ҳиндистон бош вазири учун 16,2 фоиз киши овоз берган. Мазкур номинация бўйича номи киритилганлар қаторида Фергюсондаги намойишлар иштирокчилари ҳам бўлиб, улар 9,2 фоиз овоз тўплаган.
Гонгконгдаги референдумларда фаол иштирок этган Жошуа Вонг учинчи (7 фоиз), покистонлик ҳуқуқ фаоли Малала Юсуфзай эса тўртинчи (4,9 фоиз) бўлган. Бешинчи ўринга Эбола вирусига қарши қаҳрамонона кураш олиб борган шифокор ҳамда ҳамширалар муносиб кўрилган (4,5 фоиз).
Нашр рейтингининг 6-поғонасида Россия президенти Владимир Путин (4,3 фоиз овоз билан) бўлиб, АҚШ президенти Барак Обама ундан камроқ (2,2 фоиз) овоз олган.
Эслатиб ўтамиз, журнал томонидан ўтган йили «Йил одами» сифатида Рим папаси Франциск танланган эди.
Изоҳ (0)