Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўнга яқин киши уч нафар америкалик аскар устига бўёқ сепиб, уларга пластик пакетларни кийдиришга ҳаракат қилди, деб хабар бермоқда Reuters.
Воқеа 12 ноябрь куни Истанбулнинг Эминеню номли туристик мавзесида содир бўлган. НАТО йиғинларидан кейин Истанбул портига кирган USS ROSS ҳарбий кемасидан аскарлар фуқаролик кийимида тушган. Туркия ёшлар ассоциацияси байроғини кўтарган тажовузкор кайфиятдаги йигитлар аскарларга ҳужум қилиб, уларни қотиллар деб атаган ва мамлакатдан тезроқ чиқиб кетишни талаб қилган. Аскарлар қочиб қутулишга ва кемага қайтишга муваффақ бўлган. Ҳеч кимга зарар етмаган.
АҚШнинг Анқарадаги элчихонаси ҳодисани кескин танқид қилиб, намойишчиларнинг ушбу қилмишларини туркларнинг кўпчилиги ёқламаслигини маълум қилган. Пентагон матбуот котиби Стив Уоррен эса бу воқеа Туркиянинг меҳмондўст давлат мақомига салбий таъсир кўрсатишини айтган. Полиция жами 12 кишини, жумладан 1 аёлни ҳибсга олган.
Изоҳ (0)