Тошкентдаги Инҳа университети (IUT) абитуриентлар учун тайёрлов курслари очилганини эълон қилди, дея хабар бермоқда Gazeta.uz.
ОТМ сайтида айтилишича, курсларнинг мақсади лицей ва коллеж ўқувчиларини IUT’нинг таълим имкониятлари билан таништириш ҳамда улар ОТМга қабул қилинган тақдирда адаптация жараёнига ёрдам беришдан иборат.
Таълим дастуридан математика, физика (мажбурий курслар), инглиз ва корейс тиллари (танлаб олинади) ўрин олган.
Курс якунида талабалар сертификатга эга бўлади. Якуний тест натижаларига кўра математика ва физикадан 60 ва ундан юқори балл тўплаганлар кириш имтиҳонларидан озод этилади.
Инглиз тилидан 60 баллдан юқори олган талабалар университетга киришда IELTS ёки TOEFL бўйича имтиҳон топшириши шарт бўлмайди. Якуний тестлар Инҳа университети томонидан назорат қилинади.
Курсларда ўқимоқчи бўлганлар 27 октябргача рўйхатдан ўтиши мумкин. Ноябрь бошида тестлар ўтказилади. Ундан муваффақиятли ўтган ёшлар декабрда ўқишни бошлаши мумкин. Курслар кейинги йилнинг июнига қадар давом этади. Математика ва физика бўйича курслар нархи 1300 доллар (ҳар бир фан учун 650 доллардан), инглиз (корейс) тили бўйича эса — 400 доллар. Тўлов сўмда қабул қилинади.
Тайёрлов курсларида қатнашиш учун абитуриентлардан лицей ёки коллежда ўқиши ёки уларни битирганлик ҳақида маълумотнома ёки аттестат талаб этилади.
Изоҳ (0)