Тошкент ҳайвонот боғида эркак қўтос ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда «Кун» боғ сайтига таяниб.
Хабар беришларича, жонивор овқатланишни тўхтатиб қўйган. Дастлабки ташхислар ва даволашга қилинган саъй-ҳаракатларга қарамай, жониворнинг аҳволи бир неча кун ичида кескин оғирлашган ва охир-оқибат ўлган.
Жонивор ёриб кўрилганида, унинг ошқозонидан турли предметлар — полиэтилен плёнкалар бирикмаси, пластмасса идишларнинг қопқоқлари, узунлиги 12 сантиметр бўлган қаттиқ электр сими ва бошқалар чиққан.
Ҳайвонот боғи ветеринарларининг хулосасига кўра, қўтос ошқозонига бегона жисм тушиши сабаб юзага келган ошқозон бузилиши натижасида юз берган асфиксия ва миокард инфартидан ҳалок бўлган.
«Худди шу сабаб билан Тошкент ҳайвонот боғида шу кунгача жайронлар, ламалар, туялар, туяқушлар ҳалок бўлди. Бахтимизга, баъзи жониворлар — туяқуш, бегемот ва бошқа кўплаб ҳайвонларни қутқариб қолиш уддасидан чиқилди», — дейилади боғ сайтидаги хабарда.
Қайд этилишича, ҳайвонот боғи маъмуриятининг жониворларни овқатлантирмаслик, уларнинг қафасларига турли предметларни улоқтирмаслик ҳақидаги илтимослари ва огоҳлантиришларига қарамай, жониворлар билан боғлиқ нохуш ҳодисалар рўй беришда давом этмоқда.
Изоҳ (0)