Интернетда Россиянинг Ямал яриморолида пайдо бўлган 60 метр (баъзи манбаларда — 80 метр) диаметрли чуқурнинг видео ва суратлари тарқалиб, турли шов-шувга сабаб бўлди. Ҳозирда олимлар мазкур чуқурнинг техноген таъсир ёки космик жисм қулаганининг натижасида пайдо бўлгани ҳақидаги эҳтимолни ўрганиб чиқмоқда. Бу ҳақда Vesti.ru хабар берди.
Чуқур ўтган ҳафта вертолёт бортидан кўзга ташланган. 10 июль куни YouTube’га жойланган улкан чуқурнинг видеолавҳасини ҳозирга қадар беш миллиондан зиёд киши кўришга улгурди.
Чуқурни ўрганиш учун юборилган биринчи экспедиция вакилларидан бири Россия Фанлар академиясига қарашли Ернинг криосфераси институти бош илмий ходими Марина Лейбман у ерда одам ва техниканинг излари йўқ эканлигини айтди. У иссиқ метеорит қулаган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикрнинг ҳам далиллари йўқлигини таъкидлади. «Бу ерда сув оқимининг излари бор. Бироз сув тўпланган», — дейди ходим.
Субарктика илмий-ўқув полигонининг ижро этувчи раҳбари Анна Курчатова эса ер остида унчалик кучли бўлмаган портлаш содир бўлганлиги эҳтимолини илгари сурди.
Қисқа муддатда ОАВларда ҳам, интернет тармоғида ҳам чуқурнинг келиб чиқишига доир турли тахминлар тарқалди. Айримлар чуқур ўзга сайёраликлар мавжудлигидан дарак бераётганини айтган бўлса, бошқа бир фойдаланувчи Россия ўзининг янги оммавий қирғин қуролини синовдан ўтказаётгани ҳақида изоҳ қолдирган. Бироқ ҳозирча чуқурнинг пайдо бўлгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.
Изоҳ (0)