14 июль куни Бухарест суди Голландия музейидан машҳур рассомлар — Пикассо ва Матисснинг суратларини ўғирлаган тўрт кишидан 18,1 миллион евро (тахминан 25 миллион доллар) ундириш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда France-Presse агентлигига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
Ўғрилик 2012 йил октябрь ойида Роттердам шаҳридаги «Кюнстхал» музейида содир бўлган. Жиноятчилар испаниялик Пабло Пикассонинг «Арлекин боши», франциялик рассомлар Анри Матисснинг «Ўқиётган қиз», Клод Моненинг «Ватерлоо кўприги» ва «Чаринг-Кросс кўприги», Пол Гогеннинг «Очиқ дераза олдидаги аёл», голландиялик Мейер де Ханнинг «Автопортрет» ва британиялик рассом Люсьен Фрейднинг «Кўзлари юмуқ аёл» суратларини ўғирлаган.
Ҳозирга қадар расмларнинг ҳеч бири топилмади. Душанба куни суд суғуртачиларнинг шикоятидан келиб чиқиб, ўғриликни амалга оширган тўрт асосий шахс — Рад Догар, унинг онаси Ольга, Еужен Дарие ва Андриан Прокопдан 18,1 миллион евро ундириш ҳақида ҳукм чиқарди.
Жиноятчиларнинг адвокати йўқолган ишлар учун жавобгарликка музей тортилиши лозимлигини таъкидлаб, суратларнинг қалбаки бўлиши мумкинлигини айтди.
Изоҳ (0)