Хитойнинг CNTIC (Хитой савдо-иқтисодий ҳамкорлик корпорацияси) ҳамда Латвиянинг Belam Riga компанияси Ўзбекистоннинг жанубидаги «Мароқанд–Қарши» темир йўлини электрлаштириш учун зарур ускуналарни етказиб бериш тендерида ғолиб бўлди. Бу ҳақда 10 июль куни «РИА Новости»га асосланиб, «Новий Век» хабар берди.
Тендер доирасида CNTIC трансформатор станциялари ва контакт тармоқларни, Belam Riga эса сигнализация, марказлаштириш ва блоклаш, телекоммуникация тизимлари ва SCADA ускуналарини етказиб беради.
Мазкур бошланғич қиймати 51 миллион АҚШ доллари бўлган тендер «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТК томонидан 2013 йил апрель ойида эълон қилинган эди. Тендер ғолиблари билан шартнома бир ой ичида имзоланиши режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон темир йўллари» 2012 йил январида узунлиги 140,8 километрга тенг бўлган «Мароқанд—Қарши» участкасини электрлаштиришни бошлаган эди. Тўрт йил давомида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳа доирасида янги «Тошғузор—Бойсун—Қумқўрғон» темирйўлида хизмат қилувчи Қарши локомотив депосини реконструкция қилиш ҳам кўзда тутилган.
Изоҳ (0)