АҚШдаги профессионал журналистика ташкилотларининг бирваракайига 38 таси мамлакат президенти Барак Обамага мурожаатнома юбориб, Америка ҳукумати фаолияти ҳақидаги «янгилик ёки бошқа маълумотларнинг сиёсий сабабларга кўра исканжага олиниши»га қарши чиқди. Бу ҳақда ИТАР-ТАСС хабар берди.
Мактуб муаллифлари Обамадан ўз маъмурияти фаолиятини ойдинлаштиришини сўради. Мухбирларнинг шикоятларига кўра, ҳукумат мансабдорларига улар билан суҳбатлашиш ман қилинган. Танқидга ўч журналистлар эса идоранинг «қора рўйхат»ига киритилган.
Журналистлар Обама энди ҳокимият тепасига келганида ҳукуматни Америка тарихидаги «энг шаффоф (транспарент)»ига айлантиришга ваъда берганини эслатишди. Ҳукумат фаолиятининг ҳаққоний равишда очиб берилиши устидан назорат олиб борувчи омбудсменлик лавозимини жорий қилишни таклиф этишди.
Оқ уй бундай танқидларга биринчи бора учраётгани йўқ. Обама аввал ҳам ташқи сиёсат ва миллий хавфсизлик соҳасида ахборот исканжага олинаётгани ҳамда кишилар устидан қаттиқ назорат ўрнатилгани юзасидан қораланган.
Изоҳ (0)