АҚШнинг Огаё штатидаги ресторан мижозларидан бирининг шикоятига биноан Келли Кирстен Facebook’да чойчақа камлигидан нолигани учун ишдан бўшатилди, дея «РИА Новости» хабар берди.
Толедо шаҳрининг ахборот порталида қайд этилишича, официант қиз устидан шикоят қилган мижоз Келлининг ижтимоий тармоқдаги дўстларидан экан.
Иш берувчи официант қизнинг мижозларни камситганлиги учун бўшатилганини айтмоқда.
Келли Кирстеннинг ўзи эса жума куни айрим мижозларнинг катта маблағга овқатланиб, чой пули учун атиги 5—6 доллар ажратганидан жаҳли чиқиб, уларга норозилик билдиргани, лекин ҳеч кимни камситмаганини таъкидламоқда.
Ресторан менежерлари талабидан сўнг чойчақа камлиги ҳақидаги хабар Facebook’дан ўчирилди.
Бу воқеа ижтимоий тармоқларда кўплаб баҳсларга сабаб бўлди. Айрим фойдаланувчилар АҚШ Конституциясида қайд этилган сўз эркинлигини ёдга солаётган бўлса, айримлар жазонинг ошириб юборилганидан ҳайрон бўлмоқда. Фойдаланувчиларнинг бир қисми эса Келлининг хатти-ҳаракати ақл билан қилинган иш эмаслигини айтмоқда.
Изоҳ (0)