Япониянинг шимолий қисмидаги поезд йўловчилари энди чипталар ўрнига KitKat шоколадлари билан саёҳат қилишлари мумкин. Бундан асосий мақсад — мамлакатнинг уч йил аввал цунами оқибатида зарар кўрган қисмида туризмни қайта ривожлантириш. Биринчи маротаба Япония темир йўл компанияси йўловчиларга шоколад орқали поездга чиқиш имконини бермоқда. Ушбу акция 2015 йил май ойига қадар давом этади, дея хабар беради Nestlé компанияси.
Nestlé ва Санрику темир йўл компанияси ҳамкорлигида поезд ва бекатларга гилос гулларининг сурати туширилди. Бу 2011 йилда содир бўлган зилзиладан қайта уйғониш маъносини англатади.
NBC News’нинг хабар беришича, Санрику темир йўл йўловчилари KitKat шоколадларини оддий чипталарга нисбатан арзонроқ нархда сотиб олиш имкониятига эгалар. Йўловчилар ушбу маҳсулотни 108 йен (2450 сўм)га харид қилиб, 190 йен (4300 сўм) лик йўл ҳақини тўлаш учун ишлатишлари мумкин. Nestlé ҳар бир сотилган маҳсулотдан 20 йен (450 сўм) ини қайта таъмирлаш ишлари учун инъом қилади.
Маълумот учун, Японияда омад рамзи сифатида KitKat улашиш урфга кирган, сабаби, ушбу маҳсулот белгисининг номи японча «Kitto-Katsu» — «сен албатта ғолиб бўласан» деган маънони англатади.
Изоҳ (0)