Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида Уюшган жиноятчилик, терроризм, наркотик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний айланишига қарши курашишда ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Латвия қўшма комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Тадбирда икки мамлакатнинг ички ва ташқи ишлар, хавфсизлик, соғлиқни сақлаш, божхона каби соҳаларга оид вазирлик ҳамда идоралари раҳбар ва вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, қўшма комиссия ҳамраиси Р.Маматов Ўзбекистон билан Латвия ўртасидаги ҳамкорлик барча йўналишларда изчил ривожланиб бораётганини, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.
– Ўзбекистон ҳар томонлама истиқболли мамлакат, – деди Латвия Республикаси ички ишлар вазирлигининг парламент котиби, қўшма комиссия ҳамраиси Эвика Силиня. – Ўзбекистон билан ўзаро муносабатларимиз барча соҳалар қатори уюшган жиноятчиликнинг турли кўринишларига қарши курашиш борасида ҳам изчил ривожланмоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, қатор соҳаларда мунтазам равишда фикр ва тажриба алмашиш ниятидамиз.
Мажлисда уюшган жиноятчилик, терроризм, наркотик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний айланиши, одам савдоси каби таҳдид ва хатарларга қарши биргаликда курашиш, ахборот хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга оид масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Латвия делегацияси аъзолари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида учрашув ўтказди. Унда ҳуқуқ-тартибот, хусусан, наркотик воситаларнинг ноқонуний айланиши ва одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликка оид долзарб вазифалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил марказида ҳам учрашувлар бўлиб ўтди.
Изоҳ (0)