Пойтахтда бадиий гимнастика бўйича давом этаётган жаҳон кубоги босқичи ва Happy Caravan халқаро турнирида дастлабки ғолиб ва совриндорлар номи аниқланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Happy Caravan халқаро турнирининг жамоавий кўпкураш баҳсларида иштирок этган Анора Давлатова, Нилуфар Шомуродова ва Жасмин Юсуповадан иборат Ўзбекистон терма жамоаси кумуш медални қўлга киритди. Гимнастикачиларнинг халқа, тўп, булава ва тасмада бажарган машқлари ҳакамлар томонидан 58,05 баллга баҳоланди.
– Турнирда муваффақиятли иштирок этганимиздан хурсандмиз, – дейди А. Давлатова. – Келажакда нуфузли мусобақаларда муносиб қатнашиб, давлатимиз байроғини бунданда баландроқ кўтариш учун бор маҳоратимизни ишга соламиз.
Биринчи ўринни россиялик гимнастикачилар эгаллаган бўлса, бронза медаль озарбайжонлик қизларга насиб этди.
Гуруҳ баҳсларида ҳам ўзбекистонлик спортчилар муносиб иштирок этди. Тўп ва булавада машқ бажариш бўйича Комила Рустамова, Сабрина Рамазонова, Гўзал Райманова, Фарангиз Аҳмедова, Ирина Салех ва Карина Тоғаевадан иборат гуруҳ кумуш, Асал Аҳмедова, Саида Давидова, Нигина Қудратуллаева, Юлия Нуштаева ва Алена Грубовадан иборат гуруҳ бронза медаллар билан тақдирланди. Бу баҳсда олтин медаль хитойлик гимнастикачиларга насиб этди.
Изоҳ (0)