«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши томонидан Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Ўзбекистон футбол федерацияси билан ҳамкорликда футбол бўйича анъанавий «Камолот» кубоги» республика турнири ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Мусобақанинг минтақавий босқичлари шу йилнинг 20 апрелига қадар ўтказилди. Унда ғолибликни қўлга киритган жамоалар мусобақанинг якуний учрашувларида ўзаро куч синашди.
«Пахтакор» марказий стадионида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти (ЎзДЖТИ) жамоалари ўртасида турнирнинг финал учрашуви бўлиб ўтди.
– Турнирнинг минтақавий саралаш босқичларида мамлакатимиздаги барча олий ўқув юртларидан 4500 нафардан зиёд талаба иштирок этди, – дейди ЎзДЖТИ жамоаси мураббийи Муҳиддин Нурматов. – Жамоамизнинг мусобақалардаги ғалабали одимларида Баҳодир Юсупов, Павел Чулкин, Александр Чикмарёв каби талабаларимизнинг ҳиссаси катта.
Қизғин ва муросасиз учрашувда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти жамоаси 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва «‘Камолот’ кубоги»ни қўлга киритди.
– Кубок соҳибига айланганимиздан жуда хурсандмиз, – дейди ЎзДЖТИ талабаси Абдумажид Маликов. – Турнир давомида ҳеч бир ғалабага осонликча эришилгани йўқ. Айниқса, финал учрашувида стадионга йиғилган кўп минг сонли ишқибозларнинг кўз ўнгида тўп суриш ҳар бир ўйинчини ҳаяжонга солди. Бироқ жамоамиздаги руҳий тайёргарлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, ғалабага бўлган ишонч бизни юксак марра томон етаклади.
Изоҳ (0)