Бугун, 17 май куни Испания чемпионатининг сўнгги 38-туридан ўрин олган иккита ўйин бўлиб ўтади. Чемпион номи ҳам айнан бугун маълум бўлади, деб хабар беради Uff.uz.
«Барселона» клуби ўз майдонида «Атлетико» жамоасини қабул қилади. Каталонияликларни Ла лигада чемпионликка эришиш учун исталган ҳисобдаги ғалаба қониқтиради.
Шунда улар очколар сони бўйича «матрасчилар«га етиб олади. Ўзаро ўйинлар бўйича эса уларни ортда қолдирган бўлади. Сабаби ушбу жамоалар ўртасида кечган чемпионатдаги дастлабки ўйинда дуранг натижа қайд этилган эди. «Атлетико»нинг вазифаси эса ундан ҳам енгилроқ. Диего Симеоне шогирдлари ушбу ўйинда мағлубиятга учрамаса, бош совринга эга бўлади. Уларни дуранг натижа ҳам қаноатлантиради.
Шунингдек, сўнгги турда «Реал» ўз майдонида «Эспаньол»ни қабул қилади. Анчелотти шогирдлари ҳозирда мусобақа жадвалининг учинчи поғонасида бормоқда. Улар мавсумни 2-ўринда якунлаш имкониятига эга. Бунинг учун «Реал» «Эспанол»ни мағлубиятга учратиши керак. Биринчи ўйинда эса «Барселона» «Атлетико»га мағлуб бўлса, каталонияликлар «Реал» билан ўрин алмашишга мажбур бўлади.
Эслатиб ўтамиз, «Барселона» ҳамда «Атлетико» жамоалари ўртасидаги ўйин Тошкент вақти билан соат 21:00 да бошланади.
Изоҳ (0)