Хитойнинг Харбин шаҳрида таксичилик қилувчи Чжао Лей ўз машинасининг орқа ўриндиғидан топилган қоғоз пакетга ўралган 170 минг юан (27 минг доллар) пулни қайтариб берди, деб хабар бермоқда The Daily Mail. Хитойлик ҳайдовчи пулни такси компаниясига топширган, компания эса пулни йўқолган мижозларни топишга муваффақ бўлган.
Машинадан топилган пулнинг эгаси таксичининг аввалги мижозлари – ёш йигит ва қиз бўлиб чиққан. Маълум бўлишича, улар янги сотиб олинган машина пулини тўлаш учун автосалонга кетаётган бўлган, деб ёзади «Кун».
Чжао Лей ишлайдиган компания йўқолган пулни эгаларига қайтариб берганидан сўнг мижозлар инсофли ҳайдовчига мукофот сифатида 10 минг юан (1,6 минг доллар) бермоқчи бўлган, бироқ ҳайдовчи таклиф қилинган рағбат пулидан воз кечиб, бор-йўғи ўз вазифасини бажарганини айтган.
Таксичи томонидан топилган пул Хитой учун жуда катта ҳисобланади. Хусусан, бу пул ҳайдовчини бир неча йилга таъминлаши мумкин эди: мамлакатдаги ҳайдовчилар ҳафтасига олти кундан ишлаб, ойига беш минг юандан кўп пул топмайди.
Шунга қарамай, Чжао Лейнинг хатти-ҳаракатларини ўзига хос деб бўлмайди. Масалан, 2013 йили Лас-Вегасдаги такси ҳайдовчиси машинада унутиб қолдирилган 300 минг долларни эгаларига қайтариб берган, 2012 йили эса Сингапурда шу йўл билан паришонхотир йўловчилар ўзларининг 900 минг долларини қайтариб олган эди.
Изоҳ (0)