Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Қабуллар уйида мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва хорижий ташкилотлар вакиллари иштирокида маданий анъаналар ва миллий таомлар фестивали бўлиб ўтди, деб хабар берди ЎзА.
– Мазкур фестивал турли халқлар маданияти ва урф-одатлари билан танишиш, ҳамкасблар билан яқиндан мулоқот қилиш имконини бермоқда, – деди Швейцариянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Николя Брюл. – Фестивалда элчихонамиз Швейцария пишлоқлари – киш ва раклет, ёнғоқ ва бодомдан тайёрланган ширинликлар билан иштирок этди. Швейцарияда пишлоқ асосан қишда истеъмол қилинади. Ўзбекистонда йилнинг исталган фаслида ушбу маҳсулот тановул қилиниши қувонарли. Ўзбек миллий таомлари, айниқса, вилоятларда турлича тайёрланадиган палов тановул қилишни жуда яхши кўраман. Ҳеч қаерда серқуёш ўлкангизда етиштириладигандек мазали қовун ва тарвузни емаганимни ҳам алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман.
Тадбирда турли мамлакатлар халқларининг маданияти, урф-одатлари, қадрият ва анъаналари, миллий либослари, таомлари, ҳунармандлик ва амалий санъат намуналари намойиш этилди. Санъаткорлар ижросида мумтоз ва замонавий куй-қўшиқлар янгради.
Изоҳ (0)