Жанубий Кореянинг Samsung Electronics компанияси раиси Ли Гон Хи (Лее Кун-ҳее) нафас олиш тизимидаги муаммо сабаб шошилинч равишда шифохонага ётқизилди. Yonhap ахборот агентлигининг 11 май, якшанба куни берган хабарига кўра, компания раҳбари юрак-ўпка реанимациясига жойлаштирилган.
Samsung компанияси вакилларининг сўзларига кўра, бизнес-империянинг 72 ёшли раҳбари ҳозирги вақтда корпоратив тиббий марказда барқарор ҳолатда қолмоқда.
Ли Гон Хи 1990 йиллардан бери – ўпкасида жарроҳлик амалиёти ўтказилганидан сўнг нафас олиш тизимидаги асоратлардан азият чекиб келади.
Кузатувчиларнинг сўзларига кўра, магнатнинг саломатлиги билан боғлиқ муаммолар Samsung саноат гуруҳи бошқаруви унинг ўғли – Ли Чжу Ян (Лее Жаэ-ёнг)га ўтишини тезлаштиради.
Samsung Group’га 1938 йили Ли Гон Хининг отаси – Ли Бён Чхол (Лее Бюнг-чулл) томонидан асос солинган. Унинг ўлимидан сўнг корпорация мерос сифатида унинг фарзандларига ўтган, Ли Гон Хи (учинчи ўғил) эса директорлар кенгаши раисига айланган. Samsung Electronics – саноат гуруҳининг асосий мулки бўлиб, у электроника, компьютер ва маиший техника ишлаб чиқариш бўйича жаҳондаги етакчилардан бири ҳисобланади.
Изоҳ (0)