Мини-футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Вьетнамнинг Хошимин шаҳрида ўтаётган Осиё чемпионати чорак финалида йирик ҳисобда ғалаба қозонди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Мусобақанинг гуруҳ босқичида биринчи ўринни эгаллаган терма жамоамиз аъзолари ярим финал йўлланмаси учун кечган баҳсда ливанлик футзалчилар билан куч синашди.
Учрашув бошидан ҳужумкор ўйин намойиш этган ўзбекистонликлар 10-дақиқада ҳисобни очди. Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Андрей Шлема гол киритди. Футболчилардан Дилшод Раҳматов иккита голга муаллифлик қилган бўлса, терма жамоа сардори Шуҳрат Тожибоев, Фарҳод Абдумавлонов ва Артур Юнусов рақиб дарвозасига биттадан тўп киритди. Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ливанликлар орадаги фарқни икки тўпга қисқартирди — 6:2.
Энди ўзбекистонликлар Осиё чемпионатининг финалига чиқиш учун Эрон терма жамоаси билан баҳс олиб борса, иккинчи ярим финал баҳсида Япония ва Қувайт терма жамоалари куч синашади.
Изоҳ (0)