Пойтахтдаги 38-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида спортчи қизларга миллий ва замонавий услублар асосида тайёрланган спорт кийимларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан Тошкентдаги 11 минг 300 нафар қизга спорт кийимлари топширилди.
– Кўркам спорт либосларининг тақдим этилиши Президент томонидан қизларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг ҳар томонлама соғлом бўлиб вояга етишини таъминлашга қаратилаётган юксак эътиборнинг ёрқин намунасидир, – дейди Яккасарой туманидаги 13-ихтисослашган болалар ва ўсмирлар олимпия захиралари спорт мактаби услубчиси Мақсуда Халилова. – Бу либослар фарзандларимизнинг спортга бўлган иштиёқини янада оширишга хизмат қилади.
Мутахассисларнинг тавсияси асосида тайёрланган бу либослар юқори сифатли, Ўзбекистон иқлим шароитига мос ва қулайлиги билан ажралиб туради.
Тадбирда спортчи ёшларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. Ёш ижрочиларнинг концерт дастури барчага хушнудлик бағишлади.
Таъкидлаш жоиз, 2013 йилда Тошкент шаҳрида иккита болалар спорт мажмуаси, иккита болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, битта сузиш ҳавзаси ҳамда бешта болалар мусиқа ва санъат мактаби фойдаланишга топширилди. Айни пайтда мавжуд спорт мажмуаларида 184 минг нафардан зиёд ўғил-қиз спорт машғулотларига жалб этилган. Уларнинг 78 минг нафардан ортиғи қизлардир.
Изоҳ (0)