2014 йилги ёзги таътил мавсумида «Соғлом бола йили» Давлат дастурига мувофиқ Навоий вилояти Нурота, Зарафшон, Томди, Учқудуқ ва Конимех туманларидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларининг 600 нафарини Навоий кон-металлургия комбинати томонидан Зарафшон шаҳрида жойлашган «Золотинка» болалар соғломлаштириш оромгоҳида бепул дам олдириш режалаштирилмоқда. «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ташаббуси билан 100 нафар боланинг бепул соғломлаштирилиши белгиланган, деб хабар беради ЎзА.
Навоий вилоятида болалар оромгоҳлари, сиҳатгоҳлари, соғломлаштириш масканлари фаолиятини янада яхшилаш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, дам олиш масканларига, аввало, чекка ҳудудлардаги кам таъминланган, кўп болали оилалар фарзандларини, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини жалб этиш юзасидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мавсум давомида 12 та шаҳардан ташқари ва 25 та умумтаълим мактаблари қошида ташкил этиладиган оромгоҳ ўқувчилар ихтиёрида бўлади. 16 минг нафардан зиёд бола ёзги таътилни мазкур масканларда мароқли ўтказиши учун барча шароит яратилади.
— 2014 йилги таътилни юқори савияда ўтказиш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди, — дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири Норимхол Нурмонова. — Жумладан, «Соғлом бола — юрт келажаги» шиори остида турли спорт мусобақалари, «Соғлом бола — соғлом оила меваси» мавзусида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиш белгиланган. Таниқли санъаткорлар, адиб ва мусаввирлар иштирокида суҳбат, учрашув ва фестиваллар ўтказилади.
Болалар дам олиш масканларида энергетика, коммунал хизмат, автотранспорт, соғлиқни сақлаш каби соҳалар мутахассисларининг туну кун навбатчилиги ташкил этилади. Бу жамоат хавфсизлигини таъминлаш, юзага келиши мумкин бўлган камчиликларни ўз вақтида самарали бартараф этиш имконини беради.
Айни кунларда болалар соғломлаштириш оромгоҳларида уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, зарур мебел жиҳозлари, спорт инвентарлари, технологик ускуналар каби зарур воситалар билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)