Жиззах вилояти Бахмал туманида янги болалар мусиқа ва санъат мактаби очилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мазкур таълим маскани Президент Ислом Каримовнинг 2008 йил 8 июлда қабул қилинган «Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009—2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида»ги қарори асосида «Ўрта Осиё меъмор» кенг тармоқли қурувчилик корхонаси томонидан бунёд этилди.
Тумандаги ушбу 6-болалар мусиқа ва санъат мактабида барча шароит яратилган, ўқув-машғулот хоналари замонавий тарзда жиҳозланган. 150 ўринга мўлжалланган мактабда юзга яқин ўқувчи анъанавий ижрочилик, эстрада хонандалиги, ўзбек халқ чолғулари, зарбли ва дамли чолғулар, хор ижрочилиги, хореография, тасвирий санъат йўналишларида малакали мураббийлардан сабоқ олмоқда.
– Шу чоққача машғулотлар тумандаги 6-мактабгача таълим муассасасида олиб борилар эди, – дейди мактаб директори Музаффара Тўхтаева. – Табиийки, бу маълум ноқулайлик ва қийинчиликлар туғдирар эди. Энди ўғил-қизларимиз бу масканда ўзлари қизиққан санъат сирларидан пухта билим олиш имкониятига эга бўлди.
Изоҳ (0)