АҚшлик Антуанетт Эллисон Нью-Йорк штатидаги Crowne Plaza меҳмонхонаси бар стулидан йиқилиб тушгани ва жароҳатлангани учун судга мурожаат қилди. Аёл ўзига етказилган зарарни бир миллион доллар миқдорида баҳолаган. Бу ҳақда Cyracuse.com сайти маълум қилди.
У судга берган аризасида ёғочдан ясалган узун суянчиқли бар стулидан қандай қилиб йиқилгани, натижада билагининг бир нечта жойидан синганлиги ҳамда жарроҳлик муолажаларини ўтказгани ҳақида батафсил ёзган. Эллисоннинг таъкидлашича, стул жуда ҳам баланд бўлган. Аёлнинг фикрича, меҳмонхона маъмурияти стулнинг мўртлиги, унинг ўрнига ишончли ва бақувват стуллар олиш зарурлигини билган.
Мазкур кўнгилсиз воқеа 2011 йилнинг апрель ойида бўлиб ўтган. Аёлнинг 2014 йил апрелида – орадан 3 йил ўтгач, судга мурожаат этишга қарор қилгани сабаблари эълон қилинмаган.
Бундай суд жараёнлари кўп ҳолатларда жабрланувчининг фойдасига ҳал бўлади. Жумладан, франсиялик қария аёл супермаркетнинг сабзавотлар бўлимида салат баргини босиб олиши оқибатида сирғаниб йиқилгани учун суд орқали 20 минг евро ундирган.
Изоҳ (0)