Нукусда «Тафаккур синовлари» кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди, деб хабар берди ЎзА.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Адлия вазирликлари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган танловда олтита олий ўқув юрти жамоалари иштирок этди.
– Танлов Президент Ислом Каримовнинг 2014 йил 6 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида амалга ошираётган ишларимиздан бири, – дейди «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси ўринбосари А. Дониёров. – Жамоалар «Топқирлик», «Саҳнада тафаккур синови», «Ёшларга оид қонунлар – талабалар назарида» каби шартлар бўйича ўз билимларини синовдан ўтказди.
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг «Истиқлол ёшлари» жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ва учинчи ўринлар Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг «Истиқлол қанотлари» ва Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалининг «Интилиш» жамоаларига насиб этди.
Ғолиб жамоа танловнинг мамлакат босқичида иштирок этади.
Изоҳ (0)