«ВКонтакте» ижтимоий тармоғи асосчиси Павел Дуров Facebook фойдаланувчиларига ўзи ва 12 нафар ходимлари учун янги яшаш ва ишлаш жойи борасида маслаҳат сўраб мурожаат қилди. Мазкур мавзуда у Facebook’даги шахсий саҳифасида ёзган.
Шунингдек, Дуров ўз жамоаси билан бирга бюрократия, йирик мамлакатлар, уруш, социализм ва ме’ёридан ортиқ назоратни ёқтирмаслигини таъкидлаган. Мурожаатда ёзилишича, улар учун энг маъқул жой фуқаролик ҳуқуқлари ва эркинлиги таъминланган, кучли суд тизимига эга кичик мамлакатлардир.
Дуровнинг маълум қилишича, унинг жамоаси 8 ой ичида 40 миллион фойдаланувчиларни ўзига жалб эта олган Telegram мессенжери билан банд. Келгусида «ВКонтакте» асосчисининг акаси – мазкур ижтимоий тармоқнинг собиқ техник директори Николай Дуровни ўз ичига олган ушбу жамоа мобил телефонлари учун янги ижтимоий тармоқни яратишни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Дуров ўзининг «ВКонтакте» бош директорлиги лавозимидан кетиши ҳақида 1 апрель куни хабар берган, кейинроқ эса ушбу хабар ҳазил бўлганини таъкидлаган эди. Шунга қарамасдан, у 21 апрель куни ишдан бўшатилди. Дуров ўзининг ишдан кетганлиги ҳақидаги хабарни матбуотдан билиб олганини айтган. Шундан сўнг у мамлакатни тарк этгани ва ортга қайтмаслигини маълум қилган.
Изоҳ (0)