Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминлаш бўйича етакчи беш мамлакат қаторидан ўрин олди. Жаҳон миқёсида қонун устуворлигининг навбатдаги Индексини эълон қилган The World Justice Project мустақил халқаро ташкилотининг йиллик маърузасида шу ҳақда маълум қилинган, деб ёзади ЎзА.
Давлатларнинг ютуқлари, аввало, жиноятчиликка қарши курашиш, сиёсий зўравонлик, шу жумладан, терроризм, қуролли тўқнашувлар ва сиёсий тартибсизликлар, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот органлари ва жиноий одил судлов тизимига нисбатан ишончнинг йўқотилиши оқибатида юзага келадиган зўравонликнинг олдини олиш борасида ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш бўйича асосий тамойилга риоя қилинишининг самарадорлигига кўра баҳоланган.
Индексда ушбу омил бўйича Япония биринчи ўринни эгаллаган. Иккинчи ўрин Сингапурга берилган. Учинчи ўринни Ўзбекистон, Дания ва Гонконг эгаллаган. Ўзбекистондан кейинги ўринларда АҚШ, Бельгия, Норвегия, Эстония, Қозоғистон, Россия ва бошқа мамлакатлар қайд этилган.
Экспертларнинг фикрича, мазкур мустақил халқаро ташкилотнинг юқори баҳосига сазовор бўлган Ўзбекистондаги ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизлик мустақиллик йилларида изчил ва босқичма-босқич амалга оширилаётган ва ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий соҳалардаги энг долзарб масалаларни самарали ҳал этишга йўналтирилган тизимли, кенг кўламли ишлар натижасидир.
Жиноят ва жиноий-процессуал қонунчиликнинг либераллаштирилиши, инсонпарварлик тамойилининг кучайтирилиши бу борадаги энг муҳим йўналишни ташкил этди. «Хабеас корпус» институтининг жорий этилиши ва ўлим жазосининг бекор қилиниши принципиал қадам бўлди.
Маълумот учун: Жаҳон миқёсида қонун устуворлиги Индекси илк маротаба 2010 йилда эълон қилинган бўлиб, жаҳоннинг турли мамлакатларида ўтказилган ижтимоий сўровлар натижаларига ва эксперт манбаларини ўрганишга асосланган тадқиқотдир.
Давлатларга баҳо беришда «Тартиб ва хавфсизлик» йўналишига бош мезонлардан бири сифатида ёндашилиб, унинг доирасида халқаро экспертлар дунёнинг 99 мамлакатидаги тартиб ва хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни кўриб чиқади. Шунингдек, ушбу мамлакатлардаги ҳуқуқий муҳитни, жамият ва давлатнинг ўзаро ҳамкорлигини, мустақил ва холис судларнинг мавжудлигини, ҳуқуқ-тартибот органлари нечоғли самарали фаолият юритишини ва бошқа омилларни тадқиқ қилади.
Изоҳ (0)