Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида 19 апрель куни бешинчи анъанавий халқаро ярим марафон мусобақалари бўлиб ўтди. «Пойтахт куни» муносабати билан ташкил этилган баҳсларда ўзбекистонлик спортчилар муваффақиятли иштирок этди. Ўзбекистон терма жамосининг уч аъзоси ҳам совринларга эга бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
Аёллар ўртасидаги мусобақада марра чизиғини биринчи бўлиб термизлик Ситора Ҳамидова кесиб ўтди. У ярим марафон масофасини югуриб ўтиш учун 1 соат 16 дақиқа 33 сония сарфлади. Ёпиқ биноларда жаҳон чемпиони, очиқ ареналарда Европа вице-чемпиони бўлган россиялик Юлия Чиженкони вакиламиз 19 сонияга ортда қолдирди. Ўз навбатида, фарғоналик Марина Хмелевскаяга учинчи ўринни эгаллаши учун 21 сония етмади.
Эркаклар ўртасидаги мусобақа киевлик Роман Романенконинг ғалабаси билан тугади. Украина пойтахтидан ташриф буюрган спортчининг натижаси 1 соат 6 дақиқа 12 сонияга тенг бўлди.
Чемпиондан бор-йўғи олти сонияга ортда қолган бекободлик Андрей Петров кумуш медаль эгасига айланди. Андрей Россия ва Кения терма жамоаларининг кучли аъзоларини ортда қолдирди.Мусобақа низомига кўра, дастлабки олти ўрин эгаларига пул мукофотлари берилиши кўзда тутилган эди. Жумладан, чемпионларга 3500 доллар, вице-чемпионларга 3000 доллар ва ҳоказо тартибда мукофот топширилди.
Изоҳ (0)