Тошкентда енгил атлетика бўйича паралимпиячилар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бошланди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси томонидан ташкил этилган мусобақада 150 нафардан зиёд спортчи турли масофаларга югуриш, ядро улоқтириш, узунликка сакраш каби спорт турлари бўйича ўзаро куч синашмоқда.
Енгил атлетика бўйича мамлакат чемпионати иқтидорли ёшларни саралаш, терма жамоага жалб этиш ва келажакда халқаро майдондаги нуфузли мусобақаларга тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга.
– Уч йилдан бери енгил атлетика билан мунтазам шуғулланаман, – дейди сурхондарёлик Маъруф Муродиллаев. – Мақсадим, халқаро майдонлардаги мусобақаларда муносиб иштирок этиш ва шоҳсупага кўтарилиш.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йилнинг февраль ойида Бирлашган Араб Амирликларида енгил атлетика бўйича ўтказилган Гран-при турнирида ўзбекистонлик паралимпиячилар саккиз олтин ва уч кумуш медални қўлга киритган эди. Яқинда пауэрлифтинг бўйича жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этган Искандар Турсунбоев ва Фарҳод Умрзоқов кумуш медалга сазовор бўлди.
Изоҳ (0)