Тожикистон президентининг қизи Озода Раҳмонова ўз фамилиясидаги «-ов» русча қўшимчасини олиб ташлади. Бу ҳақда «Азия-Плюс» хабар берди.
Президентнинг қизи ишлайдиган ташқи ишлар вазирлиги (вазир ўринбосари лавозимида ишлайди) сайтида энди унинг исм-шарифи Раҳмон Озода Эмомали шаклида ифодаланмоқда.
Мамлакат президентининг ўзи 2007 йилда шарифини «Раҳмонов»дан «Раҳмон»га ўзгартирган эди. У буни «маданий мeросни қайта тиклаш» нияти билан изоҳлади. Баъзи мансабдор шахслар ҳам унинг изидан бориб, «тожикча» фамилияга ўтишди.
Тожикистон бош прокурори Шерхон Салимзоданинг маҳаллий матбуотда эълон қилинган мақоласидан сўнг Тожикистонда фамилияларни «дерусификация» қилиш қайтадан авж олди. Бош прокурор ўз мақоласида миллий исм-шарифга эга бўлишни истамаётган ёшларни танқид қилган.
Бундан кўп ўтмай, ҳукуматнинг баъзи аъзолари ўз шарифларини ўзгартирди. Жумладан, қишлоқ хўжалиги вазири Қосим Роҳбарович Қосимов Қосим Роҳбарга, соғлиқни сақлаш вазири Нусратулло Салимов Нусратулло Файзуллога айланди.
Изоҳ (0)