12 апрель куни Тошкентда расман тақдим этилган Samsung Galaxy S5 смартфони пойтахт савдо расталарида пайдо бўлди. Бу ҳақда mobinfo.uz хабар берди.
Пойтахтнинг «Флешка» савдо мажмуасида янги смартфонни тахминан 2,4 миллион сўмга харид қилиш мумкин. Таққослаш учун, Samsung Galaxy S4 1,3 миллион сўмдан сотилмоқда. Мажмуа сотувчиларининг маълум қилишича, Galaxy S5’нинг илк нусхалари 11 апрель куниёқ бу ерда сотила бошлаган.
Galaxy S5 5,1 дюймли Super АМОLED дисплейи (1920×1080), Qualcomm Snapdragon 801 тўрт ядроли процессор, 2 Гб тезкор ва 16/32 Гб ички хотира билан таъминланган. Камераси 16 мегапикселлидир. Соатига 2800 мегаамперли аккумулятор смартфонни суҳбат режимида 21 соатгача қувват билан таъминлаб туради.
Янги Samsung Galaxy S5 мукаммалашган камера, маълумотларни юқори тезликда етказиш имконияти, кенг қамровли фитнес-дастурлар танлови ва ишончли ҳимояга эга. Унинг аввалги Galaxy’лардан фарқи 16 мегапикселли камера, S Health 3.0 хизмати (қадамўлчагич, парҳез, жисмоний машқларни қайд этиш ва энг янгиси — пульс датчиги), IP67 стандартлари бўйича ҳимоя воситаси (чанг, намлик, қум ва ҳатто, сувдан ҳам ҳимояланган), бармоқ излари биометрик сканери ва замонавий ташқи кўринишга эга эканлигидадир.
Изоҳ (0)