Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Ўзбекистондаги пахта теримида болаларнинг мажбурий меҳнати қўлланилмаганлигини қайд этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси маълумотига таяниб UzDaily нашри хабар берди.
2013 йилнинг 11 сентябридан 31 октябригача бўлган даврда ХМТ Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон Фермерлар уюшмаси мутахассислари иштирокида Мувофиқлаштирувчи кенгаш раҳбарлигида пахта теримидаги болалар меҳнати бўйича мониторинг ўтказди.
Ушбу мониторинг хулосаларига кўра, пахта теримида болаларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланилмаганлиги аниқланди.
Ушбу натижаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, болалар меҳнатидан фойдаланиш ишларига қарши келажакдаги ижтимоий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан ХМТ Конвенциясида белгиланган бу борадаги дастурларни амалга ошириш бўйича бир қатор режалар ишлаб чиқилди.
Жумладан, Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташаббуси билан эндиликда Давлат бошқаруви академиясидаги вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари ўринбосарларининг ўқув дастурларига ХМТ конвенциясининг талабларини чуқурроқ ўрганиш ва уларни Ўзбекистон шароитида амалга оширишнинг механизмини ишлаб чиқиш каби машғулотлар киритилади.
Шунингдек, бундай машғулотлар вазирлик, идоралар, жамоат ташкилотлари ходимлари, иш берувчи ва фермерларнинг илмий салоҳияти ҳамда малакасини оширишга қаратилган дастурларга ҳам киритилади. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан ХМТнинг Конвенцияси бўйича ҳисобот, методик қўлланмалар ва уларни амалга тадбиқ қилиш бўйича маслаҳатлар ишлаб чиқилади.
Изоҳ (0)