Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги «Дуркент» маданият ва дам олиш марказида жаҳон, Осиё чемпионатлари ва халқаро турнирларда юқори натижаларга эришган Тошкент вилояти спортчиларини рағбатлантиришга бағишланган маросим бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Президент Ислом Каримовнинг 2013 йил 25 февралдаги «Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро (Бразилия)да бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ўтказилган тадбирда мамлакатимизда барча соҳаларда, жумладан, спортда муваффақият қозонаётган йигит-қизларимизга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётгани таъкидланди.
– Жорий йил Тошкентда Осиё чемпионати, Жанубий Кореяда ёзги Осиё ўйинлари ўтказилади, – дейди 2013 йили Бирлашган Араб Амирликларида таэквондо WТF бўйича бўлиб ўтган халқаро турнир ғолиби, ангренлик Жасур Бойқўзиев. – Ниятим ана шу беллашувларда ҳам ғолибликни қўлга киритиш ва Бразилияда ўтадиган олимпия ўйинларида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлиш ҳамда бутун дунё спортчиларининг энг нуфузли мусобақасида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишдир.
Изоҳ (0)