Мадриднинг «Реал» клуби собиқ бош мураббийи Жозе Моуриньо ўзининг «Ўзгача» номли янги автобиографиясида собиқ клубидаги ўйинчилар билан юз берган низолар ҳақида айтиб ўтган. Жумладан, мураббий «Реал» ўйинчиларини айғоқчиликда гумон қилган ҳолда, меҳмонхоналарнинг бирида ўз хонасидан эшитиш мосламаси топишга ҳаракат қилган. Бу ҳақда Mundo Deportivo нашрига таяниб Interfax хабар берди.
2010—2011 йилги мавсумда «Барселона» билан қайд этилган ва «Реал»нинг чемпионлик пойгасидаги имкониятларини йўққа чиқарган 1:1 ҳисобидаги ўйиндан сўнг Моуриньо ўз ўйинчиларига танқид тошларини ёғдирди.
«Сизлар ҳаммангиз сотқинсиз. Ўйинга тайёргарлик кўраётган таркибни ошкор этмасликни сўраган эдим. Аммо сизлар менга сотқинлик қилдингиз ва мен томонда эмаслигингизни кўрсатдингиз. Ягона ишончли одамим—бу Гранеро. Бироқ у ҳақида ҳам бирор нарса дея олмайман. Менинг ҳеч қачон бунчалик бўлмағур жамоам бўлмаган эди», — дея Моуриньонинг автобиографиясидан иқтибос келтирди Mundo Deportivo нашри.
Эслатиб ўтамиз, Жозе Моуриньо Мадриднинг «Реал» жамоасида 2010—2013 йилларда бош мураббийлик қилиб, жамоасининг мамлакат чемпионлиги, кубоги ва Испания Суперкубогини қўлга киритишида, шунингдек, Европа Чемпионлар лигасида 3 марта ярим финалгача етиб боришида ўзининг ҳиссасини қўшган эди.
Изоҳ (0)