АҚШ Савдо вазирлиги Стандартлар ва технологиялар миллий институти (NIST) 2014 йилнинг 3 апрелида NIST-F2 деб номланган янги атом соатини ишга туширди. Унинг аниқлиги шу даражадаки, 300 миллион йилда бир сониягагина адашиши мумкин. Бу ҳақда институтнинг расмий сайти маълумот бермоқда.
NIST хабарига кўра, янги соат аввалги NIST-F1 ўрнига қўйилиб, АҚШда фуқаролик вақти андозаси (стандарти) сифатида қўлланилади. Аввалроқ NIST-F2 ҳақидаги маълумотлар Париждаги Халқаро ўлчовлар ва мезонлар бюросига юборилган ва бу ташкилот уни дунёдаги энг аниқ ишлайдиган атом соати, дея эътироф этган эди.
Атом соатининг аввалги версияси – NIST-F1 АҚШда 1999 йилдан буён фуқаролик вақти андозаси сифатида қўлланиб келинаётган эди. Америка ҳарбий вақти андозаси эса бошқа ташкилот – АҚШ Ҳарбий-денгиз обсерваторияси томонидан белгиланади.
Изоҳ (0)