Самарқанд вилояти Нарпай туманида спиртли ичимлик истеъмол қилиб, транспорт воситасини бошқарган 70 ёшли эркак 2-синф ўқувчисини уриб юборди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, кўнгилсиз ҳодиса ўқувчи қиз мактабдан қайтаётганида содир бўлган. Оқибатда қизнинг қўли синган ва у операция қилинган.
Ҳайдовчининг сўзларига кўра, у жабрланувчи қизга ёрдам кўрсатган, шифохонага олиб борган.
Иккинчи марта ичмайман, машина ҳам ҳайдамайман, — дейди эркак.
Маълум бўлишича, йўл-транспорт ҳодисасини содир этган эркак бундан бир йил олдин ҳам спиртли ичимлик истеъмол қилиб транспорт воситасини бошқаргани учун ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилган.
Ҳолат юзасидан Нарпай тумани ИИБ Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида йўлни кесиб ўтаётган пиёдани Lacetti уриб кетгани, Тошкентда содир бўлган ЙТҲ оқибатида пиёда вафот этгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)