Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Словакия бош вазири Роберт Фицога уюштирилган суиқасдни қоралади. Бу ҳақда Akorda матбуот хизмати хабар берди.
Словакия бош вазири Роберт Фицонинг ҳаётига суиқасд уюштирилгани муносабати билан президент Қосим-Жўмарт Тўқаев оқлаб бўлмайдиган бу қабиҳ террорчилик ҳаракатини кескин қоралаши ва рад этишини билдирди, — дейилади хабарда.
Тўқаевнинг таъкидлашича, Қозоғистон ва Словакияни узоқ йиллик дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ришталари боғлаб туради. Бунда бош вазир Роберт Фицо катта рол ўйнади.
Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев Роберт Фицога тезроқ соғайиб кетишини тилади, — дея қўшимча қилди Akorda.
Словакия бош вазирига суиқасд
15 май куни тушдан кейин Гандлова шаҳрида Словакия Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси бўлиб ўтди. Тадбирдан сўнг бош вазир Роберт Фицо йиғилиш ўтаётган бинодан чиқиб, яқин атрофда тўпланган фуқароларнинг олдига борди.
Шу пайт оломон орасида турганлардан бири ўқотар қуролни чиқариб, бош вазирга ўқ узишни бошлаган. Эркак сиёсатчининг кўкрак қафаси ва қорнига жароҳат етказган, шундан сўнг у воқеа жойида навбатчилик қилаётган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинган. Хавфсизлик ходимлари, ўз навбатида, Фицони машинага ўтқазиб, маҳаллий шифохоналардан бирига олиб кетган.
Кейинчалик Фицо жарроҳлик амалиётини ўташи учун бошқа юқори даражадаги шифохонага ўтказилган. Ҳозирда Словакия бош вазири операция қилинган ва унинг ҳаёти хавф остида эмас.
Маълум бўлишича, суиқасд 71 ёшли ёзувчи томонидан содир этилган. Синтула мухолифатдаги “Прогрессив Словакия” партияси тарафдори ва Фицони сиёсати учун бир неча бор танқид қилган. У суиқасдни сиёсий сабабларга кўра, жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг ОАВ эркинлигини чеклашга қаратилган ҳаракатларидан норозилик мақсадида қилганини айтган.
Изоҳ (0)