Тошкент шаҳар божхона бошқармаси тезкор тузилмалари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлари идоралари вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган кўп босқичли тезкор тадбирлар давомида 1,1 килограммга яқин гашиш, опий, марихуана каби гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Қайд этилишича, Яшнобод туманида аввалдан тезкор кузатувга олинган шахслардан бирининг хонадони белгиланган тартибга мувофиқ ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, хонадон ертўласида темир идишлардан бирида соф вазни 38,22 грамм опий ҳамда 27,4 грамм гашиш гиёҳвандлик воситаси ҳамда 1 дона электрон тарози борлиги аниқланган.
Шу куннинг ўзида тезкор тадбир Яшнобод туманининг бошқа бир манзилида давом эттирилган ва тезкор кузатувга олинган яна бир шахс тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Натижада унинг ёнидан 30 граммдан зиёд гашиш, опий, марихуана гиёҳвандлик воситалари топилган.
Шундан сўнг, ушбу шахс истиқомат қилаётган хонадон кўздан кечирилганида, бу ерда тахминий оғирлиги 490,4 грамм гашиш, 64,57 грамм опий, 128,42 грамм марихуана гиёҳвандлик воситалари, 2 туп парваришланган ҳолда ўстирилаётган каннабис ўсимлиги, ушуб ўсимлик уруғи, электрон тарози, пневматик қурол, шунингдек, 900 доллар борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида олиб қўйилган.
Тезкор-қидирув тадбирининг сўнгги босқичи пойтахтнинг Сергели туманида давом эттирилиб, шубҳа остига олинган шахслардан бирининг ёнидан ҳамда у истиқомат қилаётган хонадондан жами 290 грамм оғирликдаги гашиш ва марихуана гиёҳвандлик воситаси далилий ашё сифатида олиб қўйилган.
Пойтахт божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган кўп босқичли мазкур тезкор тадбирлар якунида қонунбузарлардан жами 787 грамм гашиш, 174 граммга яқин марихуана ҳамда 122 граммдан зиёд опий гиёҳвандлик воситалари олиб қўйилган.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан жиноят ишлари қўзғатилган.
Аввалроқ Фарғонада 17 ёшли бола яшаётган уйдан 30 килодан ортиқ наркотик моддалар топилгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандда фуқаронинг уйидан салкам 32 кило марихуана топилган эди.