Фарғона вилоятининг Қува туман тиббиёт бирлашмаси туғуруқ бўлимида янги туғилган чақалоқ полисинтетик халтага солиниб, ерга ташлаб қўйилгани акс этган видеотасвир тарқалганди. ССВ ҳолат назоратга олинганини маълум қилди.
Дастлабки ўрганишларга кўра, 2005 йил Фарғона вилояти Тошлоқ туманида туғилган Д.У. 2024 йил 31 март куни Қува туман тиббиёт бирлашмаси туғуруқ бўлимига “Ҳомиладорлик-1, туғуруқ-1, 28 ҳафта, эрта туғиш хавфи” ташхиси билан мурожаат қилган.
Бемор ҳомиладорлик билан Тошлоқ туманида диспансер назоратида турмаган ва ҳомилани яшириб юрган. Туғуруқ 1 апрель куни соат 08:45 ларда амалга оширилган. Шу куни соат 17:00 ларда эса чақалоқнинг аҳволи оғирлашиб, унда биологик ўлим ҳолати кузатилган. Унинг ўлимига муддатидан олдин (7 ойлик) туғилгани сабаб бўлган.
Қайд этилишича, айни пайтда мазкур ҳолат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назоратга олиниб, мавжуд вазиятга зудлик билан аниқлик киритиш мақсадида тегишли ишчи гуруҳ Фарғона вилоятига юборилди.
Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.