Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг 3 апрелдаги қарори билан Тошкент шаҳри планетарийсига 1 млрд 449 млн 800 минг сўм ажратилди.
Қайд этилишича, Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгашининг бу борадаги тегишли қарори 13 мартда қабул қилинган. Маблағ макетлар сотиб олиш, жорий таъмирлаш ҳамда ёнғин хавфсизлиги тизимини йўлга қўйиш ва кириш қисмига “Планетарий” сўзини декоратив тарзда ўрнатиш учун сарфланиши режалаштирилган.
Кенгаш қарори президентнинг “2022−2026 йилларга мўллалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонига асосан қабул қилингани айтилади. Ҳоким қарори ҳам мазкур фармонга асосан ва шаҳар халқ депутатлари кенгашининг юқоридаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил ноябрь ойида Шавкат Умурзоқов қарори билан “Оталар чойхонаси”, “Уч авлод учрашуви” ва “Бувижонлар мактаби” каби ойлик тадбирларни ўтказиш ва “бир пиёла чой” ташкил қилиш учун бюджетдан 10 миллиард сўм маблағ ажратилиши тўғрисида хабар берилганди.