Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги «Самарқанд дарвоза» савдо мажмуаси олдида 1 январь куни ўт ўчириш мосламаси портлатилгани, оқибатда фуқаролар тан жароҳати олиб, айримлар оёқсиз қолгани айтилган хабарлар тарқалди. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби ҳолатга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, 2022 йилнинг 1 январь куни соат 00:45 атрофида Шайхонтоҳур тумани Қоратош кўчасида байрам баҳона аҳоли йиғилган. Бир нечта фуқаролар автойўлни ажратиб турувчи тўсиққа мушакбозлик қилиш мақсадида қўлбола усулда ясалган ўт ўчириш мосламасини жойлаштирган. Тагидан олов ёқилиши оқибатида мослама чақнаши кузатилган.
Оқибатда мушакбозликни телефони камерасига тасвирга олаётган фуқаролар жароҳатланган. М.С. (1997 йилда туғилган) қорин юмшоқ тўқималари лат ейиши, М.А. (1999 йилда туғилган) ўнг оёқ болдир, товон соҳалари йиртилган жароҳати ҳамда Х.Н. (2006 йилда туғилган) ўнг оёқ панжа қисми йиртилган, мажақланган жароҳати, оёқ бармоқлари нотўлиқ ампутацияси ташхиси билан турли кўринишдаги тан жароҳати олган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан мосламани тайёрлаган ҳамда уни ёққан шахсларни аниқлаш бўйича тезкор-қидирув ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистонда пиротехника буюмлари муомаласи соҳасида давлат назорати кучайтирилиб, бир ойдан кўпроқ вақт давомида 2,1 миллиард сўмлик қарийб 6 млн дона пиротехника воситалари мусодара қилинганди.