Жиззахдаги Зомин миллий табиат боғи ҳудудида 1 август куни йирик ёнғин юз берганди. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ёнғин юз берган жойда ўрмон барпо қилиш ишлари олиб борилаётгани акс этган фото ва видеоларни эълон қилди. Унда бир гуруҳ кишилар қатор тизилиб, юк машинасидан экиш учун арча кўчатларини ташиётганини, шунингдек, уларни суғориш жараёнини кўриш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ёнғин оқибатида арча ва бошқа ўсимликлар ёниб нобуд бўлиб, Зомин Миллий табиат боғига жуда кўп миқдорда зарар етишига сабаб бўлган. Дастлабки тўпланган ҳужжатларга кўра, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмасдан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётганда келиб чиққан.
Ҳолат юзасидан 1 август куни Жиззах вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 198 (экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) ва 259-моддалари (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Шавкат Мирзиёев 24 август куни ўтказилган йиғилишда Зомин тоғларида юз берган ёнғин ҳақида «бир ноинсоф бойваччанинг ўғли шу ишни қилибди», деб айтганди. «Ҳозир прокуратура шуғулланяпти, албатта, чора кўрамиз», — деб таъкидлаганди Президент.
7 сентябрь куни Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани, терговга аралашиш ва тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмаслигини «Дарё»га маълум қилганди.