Дунё ва ўзбек спортига оид 9 сентябрь кунининг энг муҳим хабарлари дайжести билан танишинг.
Ўзбекистон
Россиянинг Қозон шаҳрида МДҲ ўйинлари бўлиб ўтмоқда. 8 ва 9 сентябрь кунги баҳсларда ўзбекистонлик спортчилар муайтай ҳамда дзюдо мусобақаларида иштирок этди.Муайтай баҳсларида 9 нафар спортчи қатнашиб, 1 та олтин, 1 та кумуш ва 6 та бронза медалларини қўлга киритди. Дзюдочилар эса умумий ҳисобда 12 та медалга эга чиқди. Шундан 4 таси олтин, 2 таси кумуш ва 6 таси бронза медаллари бўлди.
Шу тариқа Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 80 тага (21 олтин, 29 та кумуш ва 30 та бронза) етди.
9 сентябрь куни Ўзбекистон Суперлигасининг 17-тури старт олди. Турнинг илк ўйинида «Андижон» «Машъал» майдонига сафар қилди ва 1:0 ҳисобидаги ғалабани тантана қилди.
Қайд этиш керак, бу андижонликлар учун Муборакда қўлга киритилган илк ғалаба бўлди. Бунгача жамоа бирор марта ҳам Муборакда ғалабага эришмаганди.Жаҳон
Италия терма жамоаси кетма-кет 37 ўйиндан иборат бўлган мағлубиятсиз серия қайд этиб, Бразилия ҳамда Испаниянинг рекордини янгилади.
Бразилия 1993—1996 йилларда қаторасига 35 та ўйинда мағлубиятга учрамаган бўлса, Испания 2007—2009 йилларда худди шундай натижа кўрсатганди.
«Лион» ҳимоячиси Жером Боатенг 5 йилга қамалиши мумкин, деб ёзади Der Spiegel нашри.
Қайд этилишича, футболчи собиқ қайлиғи Шерин Зенлерга куч ишлатганликда гумон қилинмоқда. Прокуратуранинг айблови бўйича Боатенг 2018 йилда жанжал сабаб фарзандларининг онаси бўлган Шеринга қўл кўтарган ва тан жароҳати етказган.
Германиялик футболчининг адвокати айбловларни рад этмоқда. Агар футболчи айбдор деб топиладиган бўлса, жаримага тортилиши ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
«Барселона» ярим ҳимоячиси Ансу Фати октябрь ойига келибгина майдонга қайтиши мумкин. Бу ҳақда AS маълум қилди.
Нашрга кўра, 18 ёшли футболчи 17 октябрь санасида Ла Лига доирасида «Валенсия»га қарши ўтказиладиган учрашувга тайёр бўлиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Фати 2020 йилнинг ноябрь ойида тиззасидан олган жароҳатидан тиклашда давом этмоқда.
Япония ҳукумати 2021 йилнинг декабрь ойига режалаштирилган футбол бўйича клублар ўртасидаги Жаҳон Чемпионатини ўтказишдан бош тортди. Бу ҳақда BBC Япония футбол федерациясига таяниб хабар бермоқда.
Ушбу қарор федерация ва ФИФА ўртасида коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловлар туфайли ўтказилган музокаралар натижасида қабул қилинган.
«Севилья» ҳужумчиси Юсуф ан-Насири фаолиятини «Арсенал»да давом эттириши мумкин.
La Colina de Nervion’га кўра «канонирлар» 24 ёшли марокашлик футболчининг хизматларига қизиқиш билдирган ва унга жамоани тарк этишга яқин турган Пер-Эмерик Обамеянгнинг ўринбосари сифатида қарамоқда.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!