Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Италия бош вазири Марио Драги билан телефон орқали мулоқоти чоғида Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди ва муҳожирлар оқимининг кўпайишига йўл қўймаслик учун «Толибон» ҳаракати билан ўзаро алоқада бўлиш зарурлигини билдирди.
«Президент Эрдўғон Афғонистонга гуманитар ёрдам етказилишини таъминлаш учун ‘Толибон’ билан ҳамкорликни давом эттириш зарурлигини, акс ҳолда миграцион босим кучайиши мумкинлигини билдирди», — дейилади Туркия президенти маъмуриятининг хабарида.
Қайд этилишича, томонлар Ливиядаги вазиятни муҳокама қилган. «Президент Эрдўғоннинг таъкидлашича, Туркия Ливияда эълон қилинган сайловларнинг режага мувофиқ ўтказилишини ёқлайди. Унинг қўшимча қилишича, турк армияси Ливиянинг расмий сўрови асосида қонуний Ливия хавфсизлик кучларини ўқитмоқда», — дейилади хабарда.
Унга кўра, Эрдўғон Европа Иттифоқи ва Туркия ўртасидаги божхона келишуви ва миграцион битимни янгилаш бўйича музокараларни имкон қадар тезроқ ва ҳеч қандай шартларсиз бошлаш зарурлигига ишора қилган.
Туркияда 6 сентябрдан Эрдўғоннинг «Дунё адолатлироқ бўлиши мумкин» номли китоби сотувга чиқарилганди. Китобда Эрдўғон глобал сиёсат муаммоларига, хусусан, адолатсизлик, миграцион инқироз, халқаро терроризм ва исломофобия, дискриминация ва икки томонлама стандартларга эътибор қаратади.
Эрдўғоннинг қайд этишича, «Туркиянинг мақсади — ҳокимиятда бўлганларнинг ҳақ бўлиши эмас, аксинча ҳақ бўлганларнинг ҳокимиятда бўлишини таъминловчи тизимни ўрнатиш».
Аввалроқ Эрдўғон «Толибон» билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирганди. «Бу мамлакатда ҳокимият тепасида ким бўлишидан қатъи назар, Туркия яхши кунда ҳам ёмон кунда ҳам қардош Афғонистонни қўллаб-қувватлайди», — деган у.