Қудрат бобида замонасининг қиролларидан қолишмаган, Англиянинг жаҳон сиёсатида мақомини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшган, ҳукмронлик йиллари асарлари асрларга татиган Уильям Шекспир, Кристофер Марлоу, Бен Жонсондек ижодкорларга ҳомийлик қилган, бошқарувидаги давр «Олтин аср» дея эътироф этилган қиролича Елизавета 1533 йил 7 сентябрь куни дунёга келган. Умри охиригача тоқ яшаб ўтган Тюдорлар сулоласининг сўнгги вакили мамлакатида мутлақ ҳокимиятни мустаҳкамлаб, халқининг фаровон ҳаёт кечириши, ўлканинг гуллаб-яшнашига амалда ҳисса қўшган сиёсатдондир.
Ягона айби — қиз бўлиб туғилгани
Ҳукмронлиги йиллари нозиктаъб инглизларнинг қалбидан жой ололган-у, аммо ота меҳри нималигини билмай улғайган Елизавета қиз бўлиб туғилганидан айбдордек, қисиниб-қимтиниб вояга етади. Католик черкови билан орани очиқ қилибоқ, қирол Генрих VIII биринчи рафиқаси Екатерина Арагонский билан ажрашгач, наслини давом эттирувчи валиаҳд дунёга келсин деб Анна Болейнга уйланади.Интиқ кутилган кунлар келиб, Аннанинг кўзи ёрийди. Аммо туғилган фарзанд ҳеч кимни қувонтирмайди, сарой аҳлининг нафаси ичига тушиб кетади. Бир вақтлар католик черковига қарши бориб, эътиқодларни нишонга олган қирол ўғил туғмайдиган рафиқадан тезроқ воз кечишга, қайси йўл билан бўлмасин, Аннадан қутулишга шошади. Тез орада хиёнатда айбланган Болейн қатл этилгач, ҳукмдорнинг ҳаловати қайтади. Онаси ўлдирилганда Елизавета ҳали 3 ёшга тўлмаганди.
Волидасининг «қилмиши» сабаб жазоланиши керак деб ҳисобланган қизалоқдан малика мақоми олиб қўйилади. Гўё барига гўдак айбдордек қироллик оиласидан узоқроққа бадарға қилинади. Тақдирни қарангки, кўздан нари – кўнгилдан нари бўлган фарзанд кун келиб тахтни эгаллаши мумкинлиги ўшанда Генрихнинг хаёлига ҳам келмаганди.
Елизавета онаси билан боғлиқ воқеа моҳиятини тушуниб етишга жуда ёшлик қилар, ҳақиқатни аниқлаштиришга эса на имкони, на кўмакдоши бор эди. Улғайгани сари тақдир ҳазилидек онасининг фожиасига ўхшаш ёзуқларга қайта-қайта юзлашаверади.
Генрихнинг бешинчи рафиқаси Екатерина Говард қизалоқ билан илиқ муносабатда бўлиб, она меҳрига ташна Елизавета ҳам унга боғланиб қолади. Аммо 1542 йили бу қиролича ҳам Болейндек хиёнатда айбланиб, боши танасидан жудо қилинади. Машъум воқеа 9 яшар Елизаветанинг кўнглига битмас жароҳат солади, тасаввурларини чил-чил синдиради. Тюдорлар сулоласи тарихини ўрганган айрим тадқиқотчилар айнан шу ҳодисадан сўнг бўлажак қироличанинг кўнгли эркак зотидан совигани ва бу кейинчалик унинг шахсий ҳаёти билан боғлиқ қарорларига таъсир қилган бўлиши мумкинлигини таъкидлайди.
Мен Испания, Франция ва Шотландия қиролларидан эмас, лотин тилида гаплашаётганда хато қилишдан қўрқаман.«Хиёнаткорнинг қизи» тамғаси унинг дуруст таълим олишига ҳечам тўсқинлик қилмаган. Аксинча, 10 ёшга тўлар-тўлмас юнон, француз ва итальянчада бемалол гаплашиб, лотин тилида матн ёзиш, ўқишни дўндиради. Кейинчалик испан ва немис тилларида бийрон сўзлашишни ўрганади. Бир неча тилда мулоқот қила олиши хорижлик элчи ва амалдорлар билан таржимонсиз фикр алмашиш имконини беради.
Қизалоқнинг таълими билан Кембрижнинг энг яхши устозлари шуғулланади. Ёш, эркин фикрловчи, реформация тарафдорлари бўлган олимлардан илм олгани дунёқарашини кенгайтиришдан ташқари, ўз принципларига эга шахс бўлиб шаклланишига ҳисса қўшади. Ёзувчи ва гуманист Рожер Ашемдан тарих, фалсафа, антик адабиётни чуқур ўрганади. Мураббийлари ва ҳаётдан олган сабоқлари сабаб қатъиятли, айтар сўзидан қайтмайдиган ва дадил аёл бўлиб вояга етади. Вақти келиб қатъият мустабид ҳокимиятга интилишга олиб келади, аммо бу интилиш фикрлар тиниқлигига тўсиқ бўлолмайди.
Қисматдан қочиш – нодоннинг иши
Орадан бир муддат вақт ўтиб қирол Генрих VIII яна уйланади ва узоқ кутилган тахт вориси шаҳзода Эдуард дунёга келади. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Елизавета 13 ёшга тўлган паллада отаси вафот этади. Генрихнинг учинчи рафиқаси Жейн Сеймур билан турмушидан дунёга келган 10 яшар Эдуард VI тоғаси Эдуард Сеймур васийлигида тахтга ўтиради. Эркатой валиаҳд ҳукмронлиги эса узоққа бормайди. 1553 йил 6 июль куни Эдуард пневмониядан вафот этгач, тахт Елизаветанинг 37 яшар опаси Мария I га насиб этади.Қиролича ҳукмронликни қўлга олибоқ, енг шимариб Англияга католик черковини қайтаришга киришади. Елизаветани ўзига рақиб санаган Мария уни Лондон қалъасига қамашга фармон беради. Испания қироли Филиппга турмушга чиқаётганида тўй баҳона синглисини бандиликдан озод қилади-ю, саройдан узоқроқ юришини тайинлайди. Мария табиатан касалманд, заиф бўлгани учун аҳволи тез-тез ёмонлашар, тахт вориси йўқлиги эса дард устига чипқон бўлиб аҳли саройни қийнарди. Қиролича ҳузуридаги кенгаш охири ундан Елизаветага мақомини қайтаришни талаб қилади. Католик тарафдори бўлган Мария протестант синглисининг ўзидан кейин давлатни бошқаришига тиш-тирноғи билан қарши турар, кенгаш ҳам ҳукмини ўтказиш пайида юрарди. Аммо мамлакатда авж олаётган, чекка ҳудудларда секин-аста алангаланаётган фуқаролар уруши сабаб тартибсизлик бошланишини сезган қиролича турмуш ўртоғи Филиппнинг босими остида кенгаш талабини қондиришга мажбур бўлади. Мария эса 1558 йили вафот этади.
«Бизни аёл киши бошқарадими?»
Тож кийдириш маросимидан кейин бир-бирининг қулоғига шундай деб пичирлаган оломон Елизавета ҳукмронлигидаги 45 йил Англия тарихидаги энг шонли давр бўлишини хаёлига ҳам келтирмаганди.Оила аъзоларининг янглиш қарорлари бадалини қийинчиликларга бой болалик йиллари билан тўлаган, бир вақтлар гўё қироллик оиласига ўгайдек ҳаёт кечирган Елизавета 25 ёшида тахтни эгаллайди. Тенгдошларига нисбатан анча ёш кўринган қироличага замондошлари: «Хушбичимлиги, тиниқ ва ярқираган териси, ҳилпираган малла сочлари билан у 16 яшар бўй қизлардек эди», — деб таъриф берган.
1559 йили Елизавета ҳукмронлиги давридаги илк Парламент фаолиятини бошлайди. Қиролича бошига тож кияди-ю, бир дунё ташвишларни ҳам орттириб олади. Мамлакат икки муросасиз қутб — католик ва протестантларга ажралган эди. Заковати, қатъияти ва узоқни кўра олиш қобилиятига суяниб, қиролича муаммони оқилона ҳал этиш йўлини топади. Парламент томонидан «Устуворлик ҳаракатлари» (Аcts of Supremacy) қабул қилинган бўлиб, унда қиролича ўтмишдошлари Генрих ва Эдуард бошлаган реформация изидан бориши, аммо католикларга Англияда ибодат қилиш тақиқламаслиги белгиланган эди. Диний эркинлик ҳақидаги ушбу ҳужжат бўлажак фуқаролар урушига сув сепади.
Тахтга ўтирдингми, ёлғиз бўл!
Ҳукмронлигининг иккинчи ойига келиб Парламент аъзолари тахтга ворис кераклигини важ қилиб қироличани оила қуришга, муносиб инсон билан ришта боғлашга чақиришади. Куёвликка номзодлар орасида марҳум опаси Мариянинг умр йўлдоши Филипп II, сўнг эрсгерцоглар Фредерик ва Карл Габсбург, Швеция валиаҳди Эрик бор эди. Сал ўтиб, Франция шаҳзодаси Француа ва рус подшоҳи Иван Грозний ҳам қиролича билан умр йўлини боғлашга уринади. Нуфузли, зодагон қаллиқлар қатори қиролича билан турфа қийинчиликларни енгган, минг чиғириқдан эсон-омон ўтишида тиргак бўлган граф-лестер Роберт Датли ҳам ўртага чиқади.Обрўли, бадавлат валиаҳд-у герцоглардан кўра йиллар синовидан ўтган дўст афзал топилиб, бир умрлик ҳаммаслак, сирдошга айланади. Аммо ришталар никоҳ билан мустаҳкамланмайди. Елизавета Робертни беҳад қадрлар, ҳукмронликка бўлган муҳаббат ва иштиёқ эса шахсий муносабатлардан устун келади. Бир неча ўн йил хуфя давом этган муносабатлар 1588 йили Роберт вафот этганидан сўнг ниҳоясига етади.
Куч ва ақл бирлашса, дунё мувозанатда туради.Тахтга ўтирган соатларидан бошлабоқ Елизавета сиёсатдонлиги, дипломатик алоқаларни ўрнатишда моҳирлиги билан ўтмишдаги қирол ва қироличалардан фарқ қилган. Сарой шоири Жон Харинтоннинг ёзишича, қиролича бир қўлида мактуб ёзиши, ёнидаги котибга сўзлаб туриши ва атрофидагилар билан суҳбатни давом эттириши мумкин бўлган.
Ҳокимиятининг дастлабки йиллари отасининг авторитар ва опасининг муваффақиятсиз бошқаруви тажрибасидан дарс олган Елизавета жонини жабборга бериб аҳолининг барча қатламига эътибор беришга, режимининг ижтимоий асосини кенгайтиришга уринади. Атрофида тажрибали ва содиқ вазирларни йиғиш, давлат аҳамиятига молик ишларда Парламент билан ҳисоблашиш, айирмачиликка мойиллик кузатилганда назоратни кучайтириш, қолаверса, аҳолининг қуйи қатламини назардан қочирмай, халқни ортиқча солиқлар билан қийнамасликни кифоя деб билади. Мамлакатда сиёсий ва ижтимоий барқарорлик кузатилади. Маданий соҳада кўплаб ютуқларга эришилади. Католик ва протестантлар ўртасидаги низога нуқта қўйиб, ҳар икки томоннинг ҳурмати, янги буржуазиянинг қўллаб-қувватлашига эришади. Дипломатик муносабатларни ўта усталик билан тиклаган қиролича қўшни давлатлар билан бирдек яхши алоқада бўлган.
Ўз вақтида шафқатли, аммо кези келса, кескин қарори билан «Енгилмас Армада»ни тор-мор этиб, Испаниядан «асосий денгиз державаси» мақомини тортиб олган ҳукмдор Лондонни Европанинг энг йирик савдо марказларидан бирига айлантира олган. Қатор йирик ютуқларни ҳисобга олиб, тарихчилар ўша даврни (1558–1603 йиллар) «Олтин аср» деб аташган. Кескин қарорларидан лол қолган замондошлари орасида уни кенгаш ва вазирлар билан ҳисоблашмаслик, ўзбошимчаликда айблаганлар ҳам бўлган. Елизавета Тюдорнинг инглиз абсолютизми (мутлақ монархия ҳукмронлиги)га асосланган сиёсати черков билан боғлиқ масалалар, халқаро муносабатлар, шунингдек, дворянларнинг турли фракциялари ва ҳатто Парламент қарорларида ҳам аксини топган.
Валиаҳд йўқ, ворис ким?
Англия қироли Генрих VII Тюдорнинг эвараси, Шотландия қироличаси Мария Стюарт Англия тахтига даъвогарлар қаторида етакчи бўлган. Аввалроқ Франция тахтига кўз тиккан Мария фуқаролар урушидаги мағлубиятдан кейин Англияга паноҳ истаб қочиб келгани қўл келади. Мазмунидан тахтга ўтиришни истаётгани маълум бўлган мактуб Елизаветанинг қўлига тушиб қолгач, суд Марияни давлатга хиёнатда айблаб, ўлим жазосига ҳукм қилади ва 1587 йили Фотерингей қасрида қатл этилади. Ёши ўтиб қолганига қарамай, қиролича рақс, от миниш билан мунтазам шуғулланган, махсус парҳезга амал қилган ва ташқи кўринишига эътибор беришни унутмаган. Бошига малларанг улама соч тақиб, юзига доғ туширган чечак изини қалин упа суртиб, яшириб юришга мажбур бўлган. Кексайгани сайин у руҳий тушкунликдан қийналиб, серғайрат қироличадан ғамгин аёлга айланиб қолади. Айрим манбаларда унинг бундай ўзгаришига саломатлигидаги муаммолар сабаб бўлгани айтилса, бошқаларида ёлғизлик уни еб битирган, дейилади.«Тинчгина ўлишимга изн беринг. Инглизлар аллақачон мендан, мен эса улардан чарчаганман» — дея кекса қиролича 69 ёшида Ричмондда жонини эгасига топширади. Ўлимидан олдин эса қатл этилган Мария Стюартнинг 36 яшар ўғли, Шотландия монархи Яковни тахт вориси деб эълон қилади. Халқнинг Елизаветага бўлган муҳаббатини у тахтга ўтирган кундан XVIII асргача Англияда миллий байрам сифатида нишонланганидан билиш мумкин. Ўз вақтида қиролича бўлишни хаёлига келтирмаган, аммо тақдир тақозоси билан ҳукмронликка эга чиққан, бошқарувни биров билан бўлишишни истамай, тоқ ўтишни афзал билган қиролича нафақат Буюк Британия, балки жаҳон тарихида ҳам энг машҳур сиёсатчилардан бири бўлиб қолди.