Шавкат Мирзиёев 28 июль куни Тошкент шаҳридаги 21-меҳрибонлик уйини бориб кўрди.
Қайд этилишича, меҳрибонлик уйида шароитлар яхши. Лекин болалар билан якка тартибда ишлаш, уларни касбга йўналтириш талаб даражасида эмас. Тарбияланувчиларнинг 18 ёшдан кейинги мустақил ҳаёти, олий маълумот олиши ва бандлигига кўмаклашувчи масъул идора йўқ.
Шу боис давлат раҳбари барча Меҳрибонлик уйлари ва махсус мактаб-интернатларни Ўзбекистон Миллий гвардияси масъуллигига ўтказиш таклифини билдирди.
«Бу муассасаларнинг моддий ҳомийси бор, маънавий ҳомий керак. Бу ҳам савоб, ҳам керакли иш», — деди Шавкат Мирзиёев.
Мамлакатда 16 та меҳрибонлик уйи ва 4 та болалар шаҳарчаси бор. Уларда 1 минг 823 нафар ўғил-қиз яшаб, ўқимоқда. 86 та махсус мактаб-интернатда 21 минг 363 нафар бола тарбияланмоқда. Ушбу муассасалар синов тариқасида Миллий гвардия масъуллигига ўтказилиши белгиланди.
Болаларга ихтисослашган таълим бериш ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича методика яратиш вазифаси қўйилди. Меҳрибонлик уйлари ва махсус мактаб-интернатларни фан, санъат ва спорт ташкилотлари билан боғлаб, тарбияланувчиларнинг қобилиятини ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Мавзуга доир:
- Шавкат Мирзиёев меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига: «Уй ва иш билан таъминланишингиз учун имкониятлар яратамиз»
- Ўзбекистонда янги меҳрибонлик уйларини очмаслик таклиф этилди
- Қашқадарёда етарли шароитлар яратилмаган меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари бошқа меҳрибонлик уйига кўчирилди
- Шавкат Мирзиёев: «‘Ёшлар дафтариъдаги ёшлар ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, бир ойлик ҳарбий хизматни ўташ харажатлари бюджетдан тўлаб берилади»
Изоҳ (0)