Германиянинг Кёльн шаҳрида 1950 йилда ишлаб чиқарилган ва ҳозирга қадар 50 минг километр йўл босган қора «ГАЗ-12 ЗИМ» сотувга қўйилди. Идеал ҳолатда сақланган 90 от кучига эга олти ўриндиқли ҳукумат автомобили 70 минг еврога баҳоланмоқда, деб хабар беради Motor.
«ГАЗ-12 ЗИМ» биринчи бор конвеердан 1948 йилда чиққан бўлиб, Горкий автомобиль заводининг биринчи серияли ҳукумат автомобилига айланган. Афсонавий «ГАЗ-13»нинг аждодига айланган модель СИКП МҚ партия номенклатурасининг юқори раҳбарияти учун мўлжалланган. Конструкторлар янги автомобилнинг деярли 50 фоиз эҳтиёт қисмларини «ГАЗ-51» ва «ГАЗ-20» моделларидан олган.
Сотувга қўйилган нусха идеал ҳолатда. Қора кузовга эга автомобилда коррозия элементлари йўқ, қизил чармли салони эса деярли янгидек. Одометрига кўра, совет седани 50 минг километр йўл босган.
«ГАЗ-12 ЗИМ» 90 от кучига эга 3,5 литрли бензин двигатель ёрдамида ҳаракатга келади. Агрегат уч поғонали механик узатмалар қутиси ёрдамида бошқарилади. Автомобиль соатига 100 километр тезликка 37 сонияда эришади, максимал тезлиги — 120 километр/соат.
Сотувчи ноёб совет седани қандай қилиб Германияга бориб қолганига изоҳ бермаган.
Аввалроқ Москвада хусусий коллекцияда сақланаётган 65 йиллик «ГАЗ-12 ЗИМ» сотувга қўйилгани тўғрисида хабар берилганди. 90 от кучига эга двигатель ўрнатилган ва ҳозирга қадар 60 минг километр йўл босган ноёб автомобиль 7,7 миллион рублга (105 минг доллар) баҳоланган эди.