Сурхондарёда маҳалла фуқаролари йиғини раиси ўринбосари ун маҳсулотларини тадбиркордан аҳолига сотиб бериш учун олиб, савдодан тушган пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати хабар берди.
Аниқланишича, Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги МФЙ раиси ўринбосари маҳаллага ун етказиб берадиган таъминотчи корхонанинг ишончига кириб, доимий равишда аҳолига тарқатиладиган ун маҳсулотини ўзининг яшаш уйига туширган.
Шундан сўнг у унни аҳолига сотиб, 140 қоп ун савдосидан тушган 18 миллион 900 минг сўм пулни тадбиркорга топширмасдан, фирибгарлик йўли билан ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборгани аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бундан аввал Ўзбекистондаги иккита ОТМ бухгалтерлари 22,5 миллиард сўмни ўзлаштиргани аниқлангани, Жиззахда сайёр касса ходими ўзганинг пенсия ва нон пулини ўзлаштиргани ҳамда Ўзбекистон Экология қўмитаси ва унинг таркибидаги ташкилотлар 9,4 миллиард сўмлик маблағни ноқонуний сарфлагани аниқлангани ҳақида хабар берилганди.