Ўзбекистон бўйлаб ўтган бир ой ичида энг кўп ажримлар Тошкент шаҳрида қайд этилди
Давлат статистика қўмитаси дастлабки маълумотларига кўра, 2021 йилнинг июнь ойида республика бўйича 3409 та ажрим ҳолати қайд этилган. Ҳудудлар кесимида энг кўп ажримлар сони Тошкент шаҳри ҳисобига тўғри келмоқда — 521 та.
2021 йилнинг июнь ойида ҳудудлар кесимида қайд этилган ажримлар сони:
Қорақалпоғистон Республикаси — 167 та;
Андижон вилояти — 327 та;
Бухоро вилояти — 164 та;
Жиззах вилояти — 86 та;
Қашқадарё вилояти — 221 та;
Навоий вилояти — 125 та;
Наманган вилояти — 271 та;
Самарқанд вилояти — 352 та;
Сурхондарё вилояти — 167 та;
Сирдарё вилояти — 119 та;
Тошкент вилояти — 367 та;
Фарғона вилояти — 390 та;
Хоразм вилояти — 132 та;
Тошкент шаҳри — 521 та.
Аввалроқ 2021 йилнинг май ойида ўзбекистонликлар 21—25 ёшни ҳам қизлар, ҳам йигитлар учун оила қуришга энг яхши ёш деб ҳисоблаётгани тўғрисида хабар берилганди. «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган социологик тадқиқотга кўра, ёшларнинг никоҳга кириш вақтини кечиктириш уларга маълумот олиш ёки касб-ҳунар эгаллаш, моддий мустақил бўлишга имкон беради.
Эслатиб ўтамиз, март ойида Президент Шавкат Мирзиёев олдинлари бирор оила ажрашса, маҳаллада дув-дув гап бўлиши, бутун маҳалла оёққа туриши, ажрим — бу катта фожиа эканини айтиб ўтганди. «Албатта, барчамизнинг истагимиз, тилагимиз битта: қани энди, юртимизда ажрим деган нохуш ҳолатнинг ўзи бўлмаса... Оилалар пароканда, болалар тирик етим бўлиб, сарсон-саргардон бўлмаса... Мен бир фикрни қайта-қайта айтишдан чарчамайман. Оила — бу меҳр ва бахт қўрғони. Оила бор экан, фарзанд деган бебаҳо неъмат бор, инсоний қадр-қиммат ва маънавият бор», — деган эди давлат раҳбари.