Латвия ҳукумати соғлиқни сақлаш, ижтимоий ёрдам ва таълим муассасалари ходимларини коронавирусга қарши мажбурий эмлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Қонунга тегишли тузатишлар тез орада расмийлаштирилади, деб ёзади Meduza.
Эмланганлик тўғрисида сертификат давлат ва муниципал муассасаларда офлайн хизмат кўрсатадиган ёки корхона-ташкилотларнинг доимий ишларида қатнашадиган ходимлар учун талаб қилинади. Ходимлар 15 сентябргача эмланиши керак. Ушбу муддатда сўнг иш берувчи эмланмаганларни вазифаларидан четлатиш ёки улар билан меҳнат шартномасини тугатиш ҳуқуқига эга бўлади.
Шунингдек, иш берувчи ўз вазифаларини бажариш давомида бошқаларга вирус юқтириш ёки ўзи юқтириб олиш хавфига эга бўлган ишчилардан COVID-сертификатини талаб қилиши мумкин.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида расмийларга фақат «эпидемиологик жиҳатдан хавфсиз» хизматларнигина юзма-юз кўрсатиш мажбурияти белгилаб қўйилган. Сертификатга эга бўлмаган кишилар масофадан туриб олишнинг иложи бўлмаган ҳоллардагина хизматлардан офлайн тарзда фойдаланиши мумкин.
Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, Латвияда пандемия даврида коронавирус инфекциясини юқтириш бўйича 137 699 та ҳолат қайд этилган, 2 531 бемор касалликдан вафот этган.
Аввалроқ Тожикистонда вояга етган аҳоли учун COVID-19’га қарши эмланиш мажбурий этилгани, Қозоғистонда баъзи соҳалар ходимлари учун мажбурий вакцинация жорий қилингани, Москвада икки ой ичида савдо ва хизмат кўрсатиш ходимларининг 60 фоизи эмланиши зарур этиб белгилангани ҳақида хабарлар берилганди.