Инуитлар (Канада шимолида яшовчи туб аҳоли гуруҳи)нинг собиқ етакчиси Мери Саймон Канаданинг янги генерал-губернатори этиб тайинланди. У ушбу лавозимни эгаллаган Канада туб аҳолисининг биринчи вакили бўлди, дея хабар бермоқда CBC канали.
«Ишонч билан айтишим мумкинки, менинг бу лавозимга тайинланишим Канада учун тарихий ва илҳомлантирувчи лаҳза, шунингдек, ярашувга олиб борадиган узоқ йўлда олдинга ташланган муҳим қадам бўлди, » — деди Саймон. У ўз нутқини инглиз тилида ҳамда инуитлар сўзлашадиган инуктитут тилида ўқиди.
Мери Саймон Канаданинг Квебек провинцияси шимолидаги Канжикуалюжжуак қишлоғида туғилган. Онаси инуит, отаси эса инглиз бўлган. Фаолиятининг аксарият қисмида Саймон инуитлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келган.
Шунингдек, у Канаданинг Даниядаги элчиси (1999—2002) ва «Inuit Tapiriit Kanatami» инуитлар ташкилоти (2006—2012) президенти бўлган.
Маълумот учун, Канада генерал губернатори — мамлакат монархининг расмий вакили ҳисобланади. У расмий маросимларга оид вазифаларни бажаради, хусусан, бош вазирга қасамёд қилади ва кейинги сайловлар олдидан парламентнинг тарқатилишини маъқуллайди. Генерал-губернатор Канада бош вазири томонидан Британия монархининг розилиги билан тайинланади. Генерал-губернатор лавозими рамзий маънога эга бўлишига қарамай, расмий равишда бу бош вазир лавозимидан юқори туради.