Нью-Йорк губернатори Эндрю Куомо қурол ишлатиб содир этилган зўравонликлар туфайли штатда фавқулодда вазият эълон қилди. Бу ҳақда унинг Twitter саҳифасига таяниб, «РБК» хабар берди.
«Бугун мен қурол ишлатиб содир этилган зўравонлик муносабати билан фавқулодда ҳолат эълон қилиш тўғрисида фармон чиқаряпман. Бу жамоат соғлиғини сақлаш доирасидаги инқироз ва биз шунга яраша муомала қилишимиз керак. Фавқулодда вазиятнинг эълон қилиниши ушбу инқирозга барча керакли эътибор ва маблағларни сарфлашга имкон беради», — деб ёзади губернатор.
Штатда қурол ишлатиб амалга ошириладиган зўравонликнинг олдини олиш учун махсус бошқарма яратилади. Шунингдек, ҳукумат хавф гуруҳларидаги ёшларни жалб қилиш ҳамда «ёшларни кўчадан қайтариш» мақсадида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва иш ўринларини яратиш дастурларига 138,7 миллион доллар миқдорида сармоя киритади, дейилади губернаторнинг матбуот хизмати хабарида.
Бундан ташқари, Нью-Йорк штатига кириб келадиган ноқонуний қурол оқимини тўхтатиш учун ноқонуний қурол савдосига қарши кураш бўйича янги полиция бўлинмаси яратилади.
Куомонинг сўзларига кўра, жиноятчилар томонидан ишлатилган қуролларнинг 74 фоизи Нью-Йорк ташқарисида сотиб олинган.
Йил бошидан бери Нью-Йоркда ўқотар қуролдан фойдаланиш билан боғлиқ жиноятлар сони 2020 йилнинг шу даврига нисбатан деярли учдан бирга (32 фоиз) ошди, деб хабар берди CNN. Январь ойидан бери штатда 773 отишма содир этилиб, 895 киши жароҳат олган.
CNN маълумотларига кўра, Мустақиллик куни миллий байрами муносабати билан 2 июль, жума оқшомидан 5 июль, душанба кунига қадар давом этган дам олиш кунлари Нью-Йоркда 29 та отишма содир этилган. Уларнинг оқибатида 33 киши жароҳат олган, икки киши ҳалок бўлган.
Бутун мамлакат бўйлаб эса 2 июлдан 4 июлгача 400 га яқин отишма қайд этилган ва камида 150 киши ҳалок бўлган. 4 июль АҚШ мустақиллиги кунида 13 киши отиб ўлдирилган. Бир йил олдин байрам куни саккизта отишма қайд этилиб, саккиз киши ҳалок бўлган эди.
CNN қайд этишича, Чикагода уч кун ичида 83 киши ўқотар қуролдан жароҳат олган, улардан 14 нафари вафот этган. Мамлакатда содир этилган ҳужумларда болалар ҳам яраланган. Хусусан, Виржиния штатининг Норфолк шаҳрида тўрт нафар бола жароҳат олган: олти ёшли қизалоқ ва 14-16 ёшли уч ўсмир.
АҚШ президенти Жо Байден бир неча бор қурол-яроғ қонунчилигини кучайтиришни тарғиб қилиб, мамлакатдаги «қуролли зўравонлик эпидемияси» ҳақида гапирган.
Муаммони ҳал қилиш учун Байден қурол таркибий қисмларини эркин сотишни тақиқлашни ҳамда судларга фуқаролардаги қуролларни қариндошлари ёки бошқаларнинг илтимосига биноан вақтинча олиб қўйиш ҳуқуқини беришни таклиф қилган.
Мавзуга доир:
- АҚШда темир йўл депосида отишма содир этилди. 8 киши ҳалок бўлди (видео)
- АҚШда логистика компанияси омборида отишма содир бўлди. Қурбонлар бор
- Калифорниядаги отишмада 4 киши ҳалок бўлди. Бу сўнгги 2 ҳафта ичида АҚШда юз берган учинчи оммавий қотиллик
- Байден Колорадодаги отишма қурбонлари хотирасига беш кунлик мотам эълон қилди